(+99871) 202-50-60

Прививки.уз - Олдини олиш. Ҳимоя қилиш. Эмлаш.

  • Асосий
  • Янгиликлар
  • Бачадон бўйни саратони касаллигини олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даволашга бағишланган илмий-амалий анжуман

Бачадон бўйни саратони касаллигини олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даволашга бағишланган илмий-амалий анжуман

2018 йил 20 август куни Тошкент шаҳрида “Бачадон бўйни саратонисиз келажак” шиори остида бачадон бўйни касаллигини олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даволашга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир мамлакатимиздаги жорий миллий эмлаш дастурлари ўзаро муносабатини фаоллаштириш, онкологик касалликларга қарши кураш, рeпродуктив саломатлик ва ўсмир қизлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш учун майдон тариқасида хизмат қилди.


Анжуманда эпидемиология, гинекология, онкология, паллиатив ёрдам соҳасидаги мутахассислар, шунингдек, етакчи миллий илмий марказлар, академиялар, тиббиёт университетлари вакиллари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, санитария-эпидемиология назорати бўлимлари раҳбарлари, онкологлар миллий ассоциацияси, акушер-гинекологлар миллий ассоциацияси ва Педиатрлар миллий ассоциацияси аъзолари иштирок этдилар.


Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига энг жиддий таҳдидлардан бири эканлиги таъкидланди. Бу дунё бўйлаб тарқалиши жиҳатидан аёлларда учрайдиган саратонлар орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Шундай қилиб, 2018 йилда ушбу касалликнинг 570 мингга яқин янги ҳолати қайд этилди. Ҳар йили 311000 дан ортиқ аёллар бачадон бўйни саратонидан вафот этишади. Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар орасида тарқалиши бўйича кўкрак саратонидан кейин иккинчи ўринда туради ва туғиш ёшидаги (15-44 ёш) аёллар орасида кўкрак саратонидан кейин ўлимга олиб келувчи сабаб сифатида - иккинчи ўринни эгаллайди. ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 аёл бачадон бўйни саратони билан касалланади.

Тиббий ёрдам континуумининг барча босқичларида бачадон бўйни саратони бўйича тасдиқланган ва самарали стратегиялар мавжуд. Бу инсон папилломаси вирусига қарши эмлаш (ВПЧ), саратон касаллигини скрининги ва даволаш, инвазив саратонни эрта аниқлаш ва эрта босқичда шошилинч даволаш, паллиатив ёрдам кўрсатиш. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бутун мамлакат бўйлаб бачадон бўйни саратони бўйича комплекс скринингни жорий этишни ўз ичига олган саратон касаллигини назорат қилиш ва профилактикаси бўйича миллий режани тасдиқлади. Ушбу режа бачадон бўйни саратонини даволаш ва паллиатив ёрдамни яхшилаш чораларидан ташқари, ВПЧга қарши эмлаш ва бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш каби бирламчи профилактик тадбирларни ўз ичига олади.

Жорий йилнинг ноябрь ойида инсон папилломавирусига қарши эмлаш Ўзбекистон миллий эмлаш дастурига киритилган, вакцинанинг биринчи дозаси 9 ёшли қизларга эмлатилади. ВПЧ вакцинасининг жорий этилиши бачадон бўйни саратонининг олдини олишга ёрдам беради. Ўсмир қизларни мунтазам эмлаш келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ҳолатларини ва бачадон бўйни саратонидан 600 га яқин ўлимнинг олдини олишга ёрдам беради.

«Олдини олиш мумкин бўлган касалликдан аёлларнинг ўлиш ҳолатларига эндиликда йўл қўйилмайди», деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лиан Куппенс. - Инсон папилломавирусига қарши эмлаш касалликларнинг олдини олишдан ҳам кўпроқ муҳимдир. Гап қизлар ва аёлларнинг соғлом ва самарали ҳаёт кечириш қобилиятини кенгайтириш ҳақида кетмоқда. Мақсад аёллар ҳаётини сақлаб қолиш, болаларни етим қолишидан асраш ва тўлиқ оилаларни сақлашдан иборатдир.

Тадбирда таъкидланганидек, мунтазам равишда ВПЧ вакцинаси 92 мамлакатда, шу жумладан ЖССТ Европа минтақасидаги 36 мамлакатда қўлланилади. Бачадон бўйни саратони касаллигини камайтиришда юқори вакцинация самарадорлиги клиник тадқиқотлар давомида, шунингдек, ушбу эмлаш бир неча йиллардан бери қўлланиладиган мамлакатларда (АҚШ, Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия) намойиш этилди. Ўз навбатида, кўпчиликни қуйидаги савол қизиқтиради: эмлаш қизларнинг репродуктив функцияларига таъсир қиладими? Тадқиқотларга кўра, вакцина нафақат организмни бачадон бўйни саратонидан ҳимоя қилади, балки қизларнинг соғлиғини мустаҳкамлайди.

Анжуман материаллари билан қуйидаги ишора орқали танишсангиз бўлади:

https://drive.google.com/drive/folders/1y0dIWIU4dVZ2cqLzbLmcS-PdY6S5XeKD

Рўйҳатга қайтиш