2020 йил Европа иммунизация ҳафталигига бағишланган пресс-релиз
Женева / Копенгаген, 2020 йил 20 апрел
COVID-19 пандемияси юқумли касалликлар учун ҳеч қандай чегара йўқлигини бизга жиддий тарзда эслатиб қўйди. Даромад даражаси ва соғлиқни сақлаш тизимининг имкониятларидан қатъи назар, барча мамлакатлар истисносиз касалликлар олдида ожиз бўлиши мумкин. Янги коронавируснинг Европа минтақасида тез тарқалиши одатий турмуш тарзини бузди ва ўнлаб миллионлаб одамлар бир неча ҳафта давомида умумий карантин остида яшаб келмоқдалар. 100 мингдан ортиқ одам вафот этди.
COVID-19 га қарши вакцинанинг яратилишига катта умидлар боғланган ва бу иммунизация инсон ҳаёти ва иқтисодиётини ҳимоя қилишнинг муҳимлигини яна бир бор исботлайди. Дунё миқёсида олимлар янги коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаётган бир пайтда, тиббий ёрдам тизимлари ўзларининг имкониятлари чегарасида COVID-19 билан курашмоқдалар ва бундай шароитда миллий мунтазам эмлаш дастурларининг роли ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлмоқда. Европа минтақасидаги ҳукуматлар одамларни ҳозир вакциналар ёрдамида олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланиши керак.
Доимий эмлашда бўшлиқларнинг пайдо бўлиши касалликнинг ривожланиш хавфини оширади. Масалан, 2018 йилда ЖССТнинг Европа минтақасидаги тахминан 527,000 бола қизамиққа қарши мунтазам эмловнинг биринчи дозасини олмаган. Бир йил ўтгач, иммунитетнинг етишмаслиги натижасида, минтақадаги барча ёшдаги 100 мингдан ортиқ одамлар қизамиқ билан касалланган. Вакцинация билан олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан болаларни, ўспиринларни ва катталарни ҳимоя қилиш соғлиқни сақлаш тизимларининг барқарор ишлаши учун зарур шартдир.
ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Афшан Хон хоним шундай деди: "Биз юқумли касалликларга мойиллик жамоат саломатлигига бевосита таҳдид эканлигини биламиз." Ҳозирги инқироз даврида мунтазам эмлаш дастурларининг узлуксиз ишлаши ва шу билан бирга, тиббиёт ходимларини ҳам, улар эмлаётган одамларни ҳам муносиб ҳимоя қилишни таъминлаш муҳимдир. Шу билан бирга, бизнинг устувор вазифамиз илгари зарур вакциналар билан эмланмаган энг ҳимоясиз болаларни режалаштирилган тартибда иммунизация билан таъминлашдир. "
Агар мисли кўрилмаган вазиятда, COVID-19 га қарши кураш бўйича ҳар қандай тадбирлар мунтазам эмлашни вақтинча тўхтатилишига олиб келса, мамлакатлар ушбу хизматларни барқарорлашгандан сўнг имкон қадар тезроқ тиклашлари керак.
Мамлакатлар хавф остида бўлган одамларни эмлаш билан таъминлашга тайёр бўлишлари ва келажакда ҳар бир киши, шу жумладан жамиятнинг энг заиф, ёрдамга муҳтож аъзолари учун COVID-19 вакцинасидан (қачонки у яратилганда) тенг равишда фойдаланилишини таъминлашлари керак.
"Биз соғлиқни сақлаш тизимимиз учун COVID-19 пандемиясининг янада жиддий оқибатларини олдини олишимиз мумкин, бу ҳар қандай ёшдаги одамлар учун миллий эмлаш жадвалларига мувофиқ мунтазам эмлашларни амалга оширишдир. Ушбу қийин пайтда, мен давлатларни иммунизация хизматларини кўрсатишга ва одамларни эмлашга қизиқишларини рағбатлантиришга ундайман. Инсон ҳаётининг барча босқичларида имуунизацияга асосий эътиборни қаратиш менинг иш фаолиятимнинг тўртта муҳим йўналишларидан бири бўлиб, бу Европада соғлиқни сақлашнинг янги концепцияси ва дастурида ўта муҳим ўринни эгаллайди", - деб таъкидлади ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори доктор Ганс Генри П.Клуге.
ЖССТ ва ЮНИСЕФ мамлакатларнинг эмлаш дастурларини кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шу жумладан стратегик режалаштириш ва иммунизация хизматларини адолатли равишда таъминлаш, эмлаш орқали олдини олиш мумкин бўлган касалликлар устидан назоратни кучайтириш, аҳолининг иштироки ва таълимини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятидалар.
Келажакда вакциналар, аввалгидек, ҳар бир инсоннинг саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш учун асос бўлиб қолади. Ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва ҳеч кимни орқада қолдирмаслик истаги бизга биргаликда соғлом келажакни яратишга ёрдам беради.
# Вакциналар ишлайди
ЮНИCЕФ ҳақида умумий маълумот
ЮНИCЕФ ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳар бир боланинг ҳуқуқлари ва фаровонлигини ҳимоя қилишга интилади. Ҳамкорларимиз билан биргаликда биз 190 та мамлакат ва ҳудудларга ушбу тамойилни ҳаётга татбиқ этишга ёрдам берамиз, ва ҳимояга муҳтож бўлган болаларни ҳимоя қилишимиз учун махсус тадбирларни амалга оширамиз.
ЮНИCЕФ ва унинг болалар учун амалга оширадиган фаолияти ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун www.unicef.org/eca веб-сайтига ташриф буюринг.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳақида умумий маълумот
ЖССТ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг соғлиқни сақлаш масалалари учун масъул бўлган агентлиги. Европа минтақавий бюроси (ЖССТ / ЕМБ) ЖССТнинг олтита минтақавий ваколатхоналаридан бири бўлиб, улар Женевада жойлашган штаб-квартираси билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал масалаларда етакчи бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадқиқотларни ўтказиш, меъёрлар ва стандартларни белгилаш ва далилларга асосланган сиёсий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга маъсулдир. Шунингдек, у аъзо давлатларга техник ёрдам кўрсатади, соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлиги соҳасидаги тенденцияларни кузатиб боради ва баҳолайди, тиббий тадқиқотларни молиялаштиради ва табиий офатлар учун фавқулодда ёрдамни тақдим этади.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ва унинг инсон саломатлиги ва фаровонлиги йўлидаги фаолияти тўғрисида кўпроқ маълумотларни қуйидаги вебсайтда олишингиз мумки: www.euro.who.int.